Замон ва адабиёт
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Замон ва адабиёт” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Маънавий-маърифий тадбирда қуйи палата депутатлари, девон ходимлари, шоир ва ижодкорлар, таниқли адабиётшунослар иштирок этди.
Таъкидланганидек, адабиёти йўқ миллатнинг тарихий хотираси бўлмайди. Бундай миллат одамлари қандай яшагани, нима деб ўйлагани, нимага интилганини ҳеч ким билмайди. У кўнгилдаги эҳтиёжни қаноатлантиради, руҳиятни адабиёт янгилайди.
Сўз олганлар кейинги йилларда мамлакатимизда она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялаш, айниқса, ёшларни адабиётга, китобга бўлган қизиқишини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини билдирди.
Хусусан, Президентимиз Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканлигига алоҳида тўхталди. Биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши қайд этилди.
Ҳақиқатдан ҳам, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим-тарбиядир. Шунинг учун юртимизда таълим тизимини комплекс ривожлантиришга катта куч ва маблағ йўналтирилмоқда.
Мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, мутолаа маданиятини юксалтириш масаласи Президентимизнинг доимий эътиборида бўлиб, адабиёт соҳаси фидойиларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин ва самарали ижод қилиши учун зарур шароитлар яратиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда.
— Ёш авлодни янги даврга муносиб қилиб тарбиялаш, инсон онгу шурини, руҳиятини ва дунёқарашини шакллантиришда адабиётнинг роли катта, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарида Бўтаева. — Шунингдек, жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга ҳам унинг ўрни беқиёс. Зеро, адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор.
Кўп йиллик ижодий тажрибага эга бўлган Қонунчилик палатаси депутатлари Хуршид Дўстмуҳамедов ва Фарида Бўтаева суҳбат чоғида халқимизнинг ижтимоий-маданий, сиёсий соҳаларда тафаккурини кенгайтириш, ёшлар тарбиясини янада юксак поғоналарга кўтаришда адабиётнинг роли катта эканлигини қайд этди. Аслида ҳар бир мамлакатнинг тарихи ва маданиятини ўрганишда унинг адабиётига мурожаат этиш муҳимлиги айтилди.
Тадбирда депутатлар соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.