Ўзбекистонда “Turk dunyosidan Shushaga ‒ Shushadan Turk dunyosiga” номли китоб тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказида Озарбайжон Республикаси Ёшлар жамғармаси кўмагида Дунё Ёш Турк Ёзувчилар Уюшмаси томонидан амалга оширилган “Турк дунёсидан Шушага ‒ Шушадан Турк дунёсига” нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг фан, маданият ва санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, университет профессор-ўқитувчилари, юртдошларимиз, ўзбек халқи вакиллари ҳамда талабалар иштирок этди.
Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббасов Шушанинг тарихимиз ва маданиятимиздаги роли хусусида тўхталиб, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Шуша ҳақидаги нутқидан “Шуша Озарбайжон учун ғурур, миллий ўзига хослик, маданият, санъат ва тарихдир” деган иқтибосини келтирди.
С. Аббасовнинг таъкидлашича, қадимий тарихий илдизларга ва кенг географияга эга бўлган туркий маданият аллақачон Шушада бирлашган бўлиб, ушбу мафтункор шаҳар туркий халқлар ўртасидаги маданий кўприкни бирлаштириш вазифасини ўз зиммасига олган. Дипломат 2023-йилда ТУРКСОЙ томонидан Озарбайжон маданиятининг бешиги, қадимий Шуша шаҳри ‒ Турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилинганини қайд этди.
У ўз ташкилоти томонидан Шуша йили муносабати билан амалга оширилган лойиҳалар ҳақида гапириб, “Турк дунёсидан Шушага ‒ Шушадан Турк дунёсига” нашрининг тақдимоти ТУРКСОЙ томонидан Шуша шаҳри деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда ўтказилган биринчи тадбир эканлигини айтди. Шунингдек, унинг таъкидлашича, нашрдан туркий дунёнинг 17 нафар шоир ва ёзувчисининг Шуша ҳақидаги шеърлари ва ҳикоялари ўрин олган.
Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раис ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид сафар таассуротлари ҳақида тўхталиб, Шушанинг қадимий тарихи, бой маданияти, шеърияти ҳамда бетакрор анъаналарга эга ноёб шаҳар эканига урғу қаратди. У ушбу қадимий шаҳарнинг ҳар маҳалласида ўз масжиди, булоғи, ҳаммоми борлигини, Шуша шоирлар, қўшиқчилар, таниқли маданият ва санъат намояндаларининг ватани эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Давлат Маданият ва санъат институти ректори, педагогика фанлари фалсафа доктори Элдор Шерманов Озарбайжон-Ўзбекистон маданий ва адабий алоқаларининг аҳамияти ҳақида гапирар экан, ушбу алоқаларни ўрнатишда муҳим рол ўйнаган Озарбайжон Маданият Марказига миннатдорчилик билдирди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедра мудири, профессор Нурбой Жабборов ўз нутқида Шуша бутун туркий оламнинг ғайрати ва шарафи эканлигини, Шушанинг Озарбайжон томонидан озод қилиниши туркий дунё учун улкан ғалаба ва фахрли воқеа эканлигини қайд этди.
Профессор Саодат Муҳаммедова, дотсент Гулбаҳор Ашурова, нашрдан ҳикояси жой олган Наргиза Асадова ва бошқалар “Турк дунёсидан Шушага ‒ Шушадан Турк дунёсига” китобининг мазмуни ҳақида тўхталишди. Улар бундай нашрнинг туркий дунёни яқинлаштириш учун муҳимлигини таъкидлашди. Озарбайжон Республикаси ёшлар жамғармаси вакили Зулфия Ёқубова билан Ёшлар Жамғармаси фаолияти ҳақида маълумот берар экан, ушбу лойиҳа Дунё Ёш Турк Ёзувчилар Уюшмаси билан ҳамкорлик натижасида юзага келганига урғу қаратди.
Лойиҳа раҳбари, Дунё Ёш Турк Ёзувчилар Уюшмаси Раҳбари, шоир Интиқом Яшар Озарбайжон Маданият Маркази раҳбариятига тақдимот маросимини ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди ва бундай нашрларни бутун туркий дунёда нашр этиш муҳимлиги ҳақида сўзлади.
Тадбир якунида бир гуруҳ зиёлиларга Озарбайжон ёшлар жамғармаси ва Дунё Ёш Турк Ёзувчилар Уюшмасининг фахрий ёрлиқлари топширилди.