Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг 4 жилдлик асарлар тўплами
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг 4 жилдлик асарлар тўплами биринчи жилдига унинг “Руҳим харитаси”, “Салқин харсанглар кафтида”, “Севги мамлакати”, “Куйдим” ва бошқа китобларидан олинган шеърлар, “Жароҳат”, “Сўз ҳижрони”, “Саксонинчи йиллар”, “Тўполондарё билан хайршалув”, “Таназзул” ва “Ном” достонлари, шунингдек “Биринчи сўз” номли насрий оҳангларда ёзган битиклари киритилди.
Сўз йўли – оғир ва сермашаққат. Осон ҳаёт бўлмаганидай, шеър ва шоирлик йўли ҳам азоб ва синовларга тўла. Шоирнинг илк ижодий паллаларидан бошлаб то етуклик фасли бошлангунга қадар салкам ўн беш йиллик изланишлар, изтироблар, айрилиқлар ва соғинчлар даврини ўзида мужассам этган мазкур биринчи жилд азиз ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.
Иккинчи жилдига шоирнинг “Уйингдаги бешиклар”, “Ватанни ўрганиш”, “Эгаси бор юрт”, “Устимиздан ўтган ойлар”, “Кўнгил соҳили” ва бошқа китобларидан олинган шеърлар, “Баҳор Сурхондан бошланар” достони, ғазал ва мухаммаслар, шунингдек, “Яшасин ёмғирлар” номли насрий битиклар киритилди.
Учинчи жилдига шоирнинг “Дил фасли”, “Буғдойбўй Ватан”, “Очил эй гул, ки бўстон вақти бўлди”, “Онамнинг кулчалари” китобларидан олинган шеърлар, “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” достони, шунингдек насрий оҳанглардаги бадиа ва эсдаликлар киритилди.
Тўртинчи жилдига шоирнинг “Хамса ҳайратлари” маърифий достони, кейинги йилларда ёзилган шеър ва ғазаллари, шунингдек, жаҳон адабиётининг мумтоз ва ҳозирги замон намояндалари ижодидан қилган таржималари киритилди. Китобнинг “Юрак майдони” номли фасли эса насрий оҳанглардаги тажрибалари – бадиа ва эсселардан тартиб берилди.